Жанубий Кореянинг собиқ президенти Юн Сок Ёль умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Жанубий Кореянинг собиқ президенти Юн Сок Ёль 2024 йил декабрдаги қўзғолон иши бўйича умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Yonhap хабар қилмоқда.

Мазкур қарор Сеулнинг Марказий туман суди томонидан чиқарилди. Эслатиб ўтамиз, Юн Сок Ёль собиқ мудофаа вазири ва бошқалар билан тил бириктириб, уруш ёки унга тенглаштирилган миллий фавқулодда ҳолат мавжуд бўлмаганда ноқонуний ҳарбий ҳолат эълон қилиш орқали Конституцияга путур етказиш мақсадида тартибсизликлар уюштирганликда айбланган эди.
Жанубий Корея жиноят кодексида ушбу модда бўйича фақат ўлим жазоси ёки умрбод қамоқ жазоси белгиланган. Прокуратура собиқ президентга ўлим жазосини талаб қилган эди, аммо Жанубий Кореяда 1997 йилдан буён ўлим жазосига мораторий амал қилади.
2024-йил декабрида Юн Сок Ёль мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Бу қарор жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлди ва парламент тезда уни бекор қилиш учун овоз берди. Шундан сўнг Жанубий Корея парламенти Юн Сок Ёльга импичмент эълон қилиш учун овоз берди.





