Шавкат Мирзиёев Россияда 7 қаватдан тушиб кетган болани қутқарган ўзбекистонликни «Жасорат» медали билан мукофотлади

Ўзбекистон президенти фармони билан Хайрулло Сайдуллаевич Ибадуллаев «Жасорат» медали билан мукофотланди.

Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида юз берган фавқулодда ва мураккаб вазиятда ўз жони ва соғлигини хавф остига қўйиб, кўп қаватли уйнинг юқори қисмидан тушиб кетаётган болага амалий ёрдам кўрсатгани ва унинг ҳаётини сақлаб қолгани, халқимизга хос юксак жасорат ва фидойиликни намоён этгани учун «Жасорат» медали билан мукофотланди, — дейилади хабарада.

Эслатиб ўтамиз, Хайрулло Ибадуллаев кўп қаватли уйнинг 7-қаватидан йиқилиб тушган 7 ёшли болани қутқариб қолган эди.

Хусусан, бола очиқ ойна ёнида ўйнаётган вақтда сирпаниб кетган. Уни пайқаб қолган эркак ҳали бола хонадон ичида турган пайтдаёқ четга чиқишини айтиб бақирган. Бироқ бола уни эшитмаган. Шунда эркак пастга қулаётган болани ушлаб қолишга улгурган.

Бола тирик қолган, унинг оёқ суяги ва ички аъзолари жароҳат олган. Ҳозир у реанимация бўлимида, аҳволи барқарор. Хайрулло Ибадуллаевнинг хам қўли ва қовурғалари синган, у ҳам шифохонага ётқизилган.

Жаҳон