Ўзбекистонликларга Яқин Шарққа саёҳатни кечиктириб туриш тавсия қилинди
Ўзбекистон фуқароларига зиёрат, тижорат, ҳордиқ чиқариш ва бошқа мақсадларда Яқин Шарқ мамлакатларига сафарларини кечиктириш тавсия қилинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилди.

Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятнинг кескинлашуви ҳамда айрим давлатлар томонидан ҳаво ҳудудидан фойдаланиш бўйича жорий этилган вақтинчалик чекловлар сабабли халқаро авиақатновлар ҳаракатида жиддий ўзгаришлар кузатилмоқда. Мазкур ҳолат натижасида кўплаб давлатлар вакиллари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳам парвозларнинг бекор қилиниши ёки кечиктирилиши, транзит йўналишларининг ёпилиши ҳамда бошқа ташкилий муаммолар туфайли қийинчиликларга дуч келмоқда, — дейилади хабарда.
Шу муносабат билан, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Яқин Шарқ йўналишида режалаштирилган зиёрат, тижорат, дам олиш ҳамда бошқа турдаги хорижий ташрифларни вазият барқарорлашгунига қадар вақтинча кечиктириб туриш тавсия этилди.
Шунингдек, айни пайтда чет элда бўлиб турган ватандошлардан вазиятга нисбатан босиқлик ва ҳушёрликни сақлаш, одамлар гавжум жойларга боришдан тийилиш, маҳаллий қонун-қоидаларга қатъий риоя қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг хорижий дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан доимий алоқада бўлиб туриш сўралди.





