Тошкент вилоятида мактаб ўқувчисини ҳақоратлаб, калтаклаган ўқитувчи ишдан бўшатилди
Ижтимоий тармоқларда Ўрта Чирчиқ туманидаги 11-сонли мактаб ўқитувчиси ўқувчига нисбатан қўпол жисмоний ҳаракатлар содир этгани тасвирланган видео тарқалди. Вазият юзасидан вилоят мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси изох берди.

Мазкур ҳолат жорий йил май ойида ушбу мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчи А.Л томонидан содир этилган.
Маълум бўлишича ўқитувчи А.Л ўзи раҳбарлик қилаётган 9-синф ўқувчиларига нисбатан амалга оширилган. Ўқувчиларнинг ўзлаштириши, дарсларда иштирок, паст экани рукач қилиниб, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган сўзлар билан ўқувчиларни ҳақорат қилиб уларни шаъни, қадр қимматини топтаб, калтаклаган.
Масъуллардан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўқитувчининг хатти-ҳаракатларини ноқонуний ва педагогик тарбия меъёрларига тўғри келмаслигини қонуний асослар билан кўрсатиб берилди.
Шунингдек, ушбу ҳолат шу кунга қадар мактабнинг маънавий масалалар бўйича директор ўринбосари томонидан ўрганилмагани, ўқитувчини тартибга чақирмагани ҳам аниқланган.
Айни пайтда мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Мактаб директори ўринбосарига ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилган, — дейилади хабарда.
Вазият ҳуқуқ тартибот органлари томонидан назоратга олинган. Ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.





