Озодбек Назарбековдан Хушнудбек Худойбердиевгача — Амалдорга айланган машҳурлар

Ўзбекистонда ўз соҳасида салмоқли меҳнат қилиб, инсонлар кўнглидан жой олган машҳурларнинг айримлари бугун давлат аҳамиятига молик лавозимларда фаолият юритиб келмоқда. Қуйида амалдорга айланган ана шундай машҳурлар ҳақида маълумот берилади.

Коллаж: «Tez News»

Озодбек Назарбеков

Машҳурликдан давлат амалига минган мансабдорлар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон ҳамда Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбековни келтирмай ўтиш нотўғри бўларди.

Фото: «Tez News»

2017 йилнинг августидан бошлаб Маданият вазирлигида фаолият юритиб келаётган Назарбеков ўз сиёсий карьерасини дастлаб «Ёшлар» телерадиоканали директори лавозимида бошлаган. Кейинроқ маданият вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган. Президент фармони билан 2020 йилнинг 24 январь куни Озодбек Назарбеков Ўзбекистон Маданият вазири этиб тайинланган. Июнь ойига келиб Назарбеков номзоди Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ректори лавозимига ҳам маъқулланган.

Равшан Эрматов

Футбол бўйича Жаҳон чемпионати учрашувларида энг кўп (11) ўйинга ҳакамлик қилиб, рекорд ўрнатган Эрматов 2019 йилнинг июнь ойида ўтказилган Ўзбекистон футбол ассоциациясида ижроқўм аъзолари йиғилишида ЎФА биринчи вице-президентлигига сайланган.

Фото: «Tez News»

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан 2020 йилнинг февралидан бошлаб Равшан Эрматовга жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари лавозими ҳам юклатилган.

Шерзод Қудратхўжа

Фото: «Tez News»

Ҳукумат раҳбарининг 2018 йил 28 майдаги қарори билан Халқаро пресс клуб раҳбари Шерзод Қудратхўжа Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига ректор этиб тайинланган.

Хушнудбек Худойбердиев

Ҳукуматнинг 2020 йил 1 июлдаги қарорига асосан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори, блогер Хушнудбек Худойбердиев Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори ўринбосари этиб тайинланган.

Ирода Тўлаганова

2019 йил 8 февралда Ўзбекистон теннис федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилган. Овоз берувчилар томонидан теннисчилик фаолияти давомида жаҳон рейтингида 16-ўрингача кўтарилган Ирода Тўлаганова номзоди Ўзбекистон теннис федерацияси бош котиби лавозимига лойиқ кўрилган.

Фото: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати

Роппа-роса бир йилдан сўнг эса Тўлаганова Осиё теннис федерациясининг (ОТФ) вице-президенти этиб сайланган.

Диёр Имомхўжаев

2020 йил 26 майдан бошлаб, Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти А.Азизовнинг тақдимига биноан Диёр Имомхўжаев Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Ижроия қўмитаси томонидан бош директор вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланган.

Фото: «Kun.uz»

Имомхўжаев журналистик фаолият билан бирга «Futbol TV» ҳамда «Uzreport TV» телеканалларида футбол шарҳловчиси бўлиб ишлаган.

Сирожиддин Саййид

Фото: «Xabar.uz»

2018 йилнинг 11 апрель куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг навбатдан ташқари йиғилишида Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимида ишлаб келган Муҳаммад Али вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнида раис ўринбосари сифатида фаолият юритиб келган Сирожиддин Саййид иш бошлаган.

Камолиддин Ўринбоев

Опера симфоник оркестри дирижёри, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Камолиддин Ўринбоев 2020 йил 16 июндан бошлаб Ўзбекистон Давлат консерваторияси ректори лавозимига тайинланган.

Фото: Маданият вазирлиги матбуот хизмати

Унга қадар Ёшлар симфоник оркестри дирижёри лавозимида ишлаган Ўринбоев, ўз навбатида, Италия, Франция, ва Россия каби давлатларда ўз соҳасида тажриба орттирган.

Ёдгор Саъдиев

Фото: Ислом Каримов фонди матбуот хизмати

Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев 2020 йил 29 октярбь куни Ўзбек миллий академик драма театри директори этиб тайинланган.

Янгиликлар