Тошкент вилоятида ҳарбий машина ва махсус техникалар ишлаб чиқарилади
Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида 12 гектар майдонда ҳарбий ва махсус техника ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Лойиҳа 11 январь куни Шавкат Мирзиёевга тақдим қилинган. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар қилди.
Хабарга кўра, лойиҳа 55 миллион доллар миқдорида баҳоланмоқда, у Ўзбекистон миллий банки кўмагида «Нурафшон—Махсус—Техника» компанияси томонидан амалга оширилади. Лойиҳа ўзининг 16 миллион доллар сармоясини ҳамда банкнинг 39 миллион доллар кредитини жалб қилади.
Маълум қилинишича, биринчи босқичда 2021 йилдан бошлаб ҳарбий техника ишлаб чиқариш мақсад қилинган — йилига 100 та енгил зирҳли «Тарлон» ва «Қалқон» машиналари. Биринчиси колонналарни ҳимоя қилиш ва кузатиб боришга, санитар ташиш, муҳандислик ишларини ўтказиш, радиация, кимёвий ва биологик разведка ва оловли қўллаб-қувватлашга мўлжалланган. Иккинчи машина ҳақидаги тафсилотларни олишнинг имкони бўлмаган. Фақат Президент матбуот хизмати эълон қилган суратлардан «Қалқон» машинаси ҳарбий-тактик мақсадларда фойдаланишга мўлжалланганини англаш мумкин.
Иккинчи босқичда эса 2022 йилдан бошлаб махсус техника — ёқилғи ташувчи 200 та автоцистерна, 300 та трактор, 500 та юк ташувчи, 400 та ахлат ташувчи, 100 та қор тозалаш ва 20 та ўт ўчириш машиналарини ишлаб чиқариши режалаштирилмоқда. Техникаларни маҳаллийлаштириш даражаси 50 фоизни ташкил этиши, йиллик талаб ҳажми 15 мингта техника, йиллик экспорт — 5 миллион доллар бўлиши, ўзини-ўзи — 5 йилда қоплаши кутилмоқда.
Мавзуга доир:
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Марказий ҳарбий округ артиллерия бригадасини бориб кўрдигани ҳақда хабар қилинган эди.