Ўзбекистон аэропортларида янги рўйхатга олиш тизими жорий этилади

Ўзбекистондаги аэропортларда йўловчилар ва багажни рўйхатга олишнинг янги тизими босқичма-босқич жорий этилади. Биринчи бўлиб Наманган аэропорти мазкур тизимни жорий этишни бошлади.

Қайд этилишича, «Uzbekistan Airports» компанияси ASTRA DCS йўловчи ва багажни рўйхатдан ўтказиш тизимини босқичма-босқич жорий қилишни бошлаган.

Ушбу тизим ёрдамида биринчи бўлиб рўйхатдан ўтган Наманган аэропорти «Ural Airlines» авиакомпаниясининг Москвага парвоз қиладиган рейсига хизмат кўрсатди. Янги рўйхатга олиш тизими бўйича иккинчи рейс ҳам 12 январь куни Намангандан Екатеринбургга амалга оширилган.

«Илгари барча аэропортлар миллий авиакомпаниянинг битта рўйхатдан ўтиш тизимидан фойдаланган. Келажакда аэропортларни ўзининг рўйхатга олиш тизими бўлишига эҳтиёж туғилди. Ўзбекистоннинг 11 та халқаро аэропортида ўз рўйхатга олиш тизимига эга бўлмаган ёки республика аэропортларида уларнинг тизими ўрнатилмаган барча авиакомпаниялари ушбу тизимга босқичма-босқич ўтади», дейди авиакомпания бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жавлон Умархўжаев.

Маълум қилинишича, ASTRA DCS тизими график интерфейсга эга бўлиб, йўловчилар ва юкларни тез ва қулай тарзда рўйхатдан ўтказиш имконини беради.