Навоийда судя, Сирдарёда Миллий гвардия ходими ва Жиззахда бош ҳисобчи пора билан ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Қашқадарё, Жиззах, Навоий ва Сирдарё вилоятида пул эвазига фуқароларнинг ишини битказиб бермоқчи бўлган мансабдорлар ушланди.

Маълум қилинишича, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Қашқадарё филиали бош муҳандиси ўринбосари пахта-тўқимачилик кластерига тегишли бўлган 21 та сув насос қудуқларини электр тармоқларига улаш учун “техник шарт” бериш эвазига 7 минг АҚШ доллари талаб қилиб, жорий йилнинг январ ойида 3 минг АҚШ доллари олган. ДХХнинг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, бош муҳандис ўринбосари қолган 4 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур мансабдор шахс муқаддам Жиноят Кодексининг 205 ва 209-моддалари билан судланган бўлсада, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.

Жиззах вилояти “Тоза ҳудуд” ДУК бош ҳисобчиси улгуржи савдо билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбарига нисбатан судда кўрилаётган жиноят ишини танишлари орқали унинг фойдасига ҳал қилиш, яъни озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлатиб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилган. У олдиндан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган. Ушбу шахс ҳам муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланганлигига қарамасдан, қайта жиноятга қўл урган.

Ўзбекистон Ҳакамлик судлари Ассоциациясининг Навоий вилоят ваколатхонаси ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди судяси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Нурота туманида яшовчи фуқаронинг муқаддам бухоролик харидорларга сотган 250 бош қўйларининг пуллари берилмаётгани юзасидан қилган мурожаатини ижобий ҳал этиб бериш эвазига 1 000 АҚШ доллари талаб қилган. Ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пул маблағи ҳисобидан 500 АҚШ доллари ва 6 млн 250 минг сўм олган вақтида қўлга олинган.

Шунингдек, Миллий гвардиянинг Сирдарё вилоят қўриқлаш бошқармаси хизматни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўлими бош инспектори Боёвут туманида яшовчи фуқарони қўриқлаш бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг АҚШ доллари талаб қилиб, муқаддам 1 500 АҚШ доллари олган. У сўралган пулнинг қолган 1 500 АҚШ долларини олган вақтида ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва Гулистон ҳарбий прокуратураси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Янгиликлар