Хайрулло Бозоров Поп туманидаги қиймати 2,9 млрд сўм бўлган чорвачилик хўжалиги фаолияти билан танишди (фото)
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 13 август куни Поп туманидаги «Тўда наслли чорвалари» масъулияти чекланган жамият фаолияти билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, лойиҳанинг умумий қиймати 2,9 миллиард сўм бўлиб, шундан 1,3 миллиард сўми ташаббускорнинг ўз маблағи ва 160 минг AҚШ доллари банк кредитидан қопланмоқда. 15 нафар кишининг бандлиги таъминланган хўжаликда Aвстриядан келтирилган 64 бош наслли мол боқилмоқда.
Хўжалик раҳбари Жасур Шодмоновнинг билдиришича, бу молларнинг маҳсулдорлиги маҳаллий зотларга нисбатан жуда юқори бўлиб, лойиҳанинг навбатдаги босқичида яна 36 бош наслли чорва олиб келиш ва йил якунига қадар сонини 100 тага етказиш режалаштирилган. Ҳозирда банк кредити учун ҳужжатлар ҳозирланмоқда.
Фаолиятни кенгайтириш эвазига келгусида сут ва гўштни қайта ишлайдиган сехни барпо қилиш учун 125 минг AҚШ доллари миқдоридаги Хитой ускуналари келтирилгач, колбаса, қатиқ, пишлоқ ва сметана сингари озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Вилоят раҳбари хўжаликдаги ишларни ижобий баҳолаб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ривожлантириш учун тадбиркорга зарур бўлган ер майдони ва банк кредитини ажратиш ҳамда амалий мадад бериш масаласида дахлдор мутасаддиларга вазифалар юклаган.
«Вилоятимизда чорвачилик тармоғини равнақ топтиришга йўналтирилган қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилиши билан кўплаб комплекслар пайдо бўлмоқда. Бу эса истеъмолчиларни арзон, сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёжини қондириш, аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларини кўтаришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир», — дейди Хайрулло Бозоров.
Aввалроқ Наманган тумани «Галчи» маҳалласида яшовчи фуқаро Мамадалиев Ҳусанбой хонадони томорқасининг 2 сотих ерига иссиқхона қуриб берилгани хабар қилинганди.