Десантдан қирувчи авиациягача. 14 январь куни ўзбек армиясининг таркибини эсга оламиз

Ўзбекистон Президентнинг 1992 йил 14 январдаги фармонига мувофиқ мамлакат ҳуқуқий асосда ўз Қуролли кучларини ташкил этганини эълон қилган. Бу сана Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни сифатида нишонланади. Бу кунда нафақат ҳарбий хизматчилар, балки бутун ўзбек эркаклари табриклар ва совғалар қабул қилиб олади. Шу боис 14 январь Ўзбекистонда маълум маънода барча эркаклар байрами сифатида қабул қилинади.

Шу байрамона сана муносабати билан бугунги мақолада Ўзбекистон армияси ҳақида сўз юритамиз.

Фото: ЎзА

Қуролли кучларнинг ташкил этилиши

1991 йил 31 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида»ги қонун ва 1991 йил 30 декабрда Минск шаҳрида ташкил топган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан имзоланган «Қуролли Кучлар ва чегара қўшинлари хусусида»ги битимга мувофиқ, шунингдек, собиқ Иттифоқ идоралари томонидан умумий қўшинларнинг пул таъминоти тўхтатилганини инобатга олиб, 1992 йил 14 январь куни мамлакат Олий Кенгаши республика ҳудудида жойлашган бирлашма, қўшилма, ҳарбий қисм ва муассасалар, ҳарбий билим юртлари, корхона ва ташкилотлари ҳамда СССРнинг бошқа ҳарбий тузилмалари Ўзбекистон Республикаси тасарруфига ўтказилгани тўғрисида қарор қабул қилган.

1992 йилдан эътиборан республика ҳудудидаги барча ҳарбий таълим муассасаларининг штат тузилмаси такомиллаштирила бошланган. Жумладан, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Самарқанд олий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти кўп тармоқли ўқув муассасаларига айланди.

Энди Қуролли кучларнинг таркибий қисмлари ҳақида гаплашамиз.

Миллий гвардия

Миллий гвардияга Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 23 январдаги қарори билан асос солинди. У Собиқ Иттифоқнинг ички ишлар вазирлигига қарашли Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ҳарбий қисм негизида тузилган бўлиб, Қуролли кучларнинг таркибий қисмига айланди.

Миллий гвардиянинг асосий вазифаси Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишдир. Гвардия таркиби фуқароларни ҳарбий хизматга мажбурий ва кўнгилли равишда чақириш орқали ташкил этилган.

Гвардия зиммасига бир қанча ўзига хос вазифалар, жумладан, давлат ҳокимиятининг олий органларини қўриқлаш, жамоат тартибини таъминлашда иштирок этиш, чет давлатларнинг расмий вакилларини тантанали кутиб олиш, давлат миқёсидаги маросимларда иштирок этиш юкланган. Шу мақсадда гвардия таркибида фахрий қоровул ротаси тузилган.

Чегара қўшинлари

Чегара қўшинларининг шаклланиш тарихи 1992 йилдан бошланган. Собиқ Иттифоқнинг парчаланиб кетиши натижасида мустақил давлатлар ташкил топиши, миллатлараро, этник ва диний характердаги зиддиятларнинг кескинлашуви чегара қўшинларини ташкил этиш жараёнини янада жадаллаштириб юборган. Натижада давлат чегарасини ишончли қўриқлаш, миллий хавфсизликни таъминлаш вазифаси илгари сурилган.

1992 йил 24 мартда Биринчи Президент фармони билан Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бошқармаси ташкил этилган.

Ҳаво-десант кучлари

Қуролли Кучларнинг Ҳаво-десант қўшинлари армиянинг десантчилар жанговар машиналари, ўзиюрар артиллерия қурилмалари, танклар, зирҳли транспортёрлар, танкка қарши самарали қуроллар ва зенит воситалари, стволли ва реактив артиллерия, қудратли автоматик қуроллар, алоқа ва бошқарувнинг замонавий аппаратлари билан қуролланган, пухта тайёрланган жанговар қисмидир. Бу қисмнинг асосий вазифаси ҳаво транспорти авиацияси ёрдамида мустақил жанговар ҳаракатлар олиб боришдир.

Ҳарбий-ҳаво кучлари

Ҳарбий-ҳаво кучлари Қуролли кучларнинг энг юқори манёврларни амалга оширадиган тури саналади. Улар қуруқликдаги қўшинларни авиацион жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳаво десантчиларини ташлаш (тушириш), моддий воситаларни ташиш, ҳаво разведкасини олиб бориш, йирик операцияларнинг бориши ва хотимасига жанговар таъсир кўрсатиш, республика ҳаво сарҳадларини ишончли қўриқлаш каби имкониятга эга.

Ҳарбий-ҳаво кучлари зиммасига душманнинг ҳаво нишонлари ва қуруқликдаги қўшинларини яксон қилиш, давлат ва ҳарбий бошқарув тизими, фронт ва ҳарбий-иқтисодий объектлари ҳамда транспорт-коммуникацияларига зарба бериш вазифаси юкланган.

Ўзбекистон ҳарбий-ҳаво кучлари бомбардимончи, қирувчи-бомбардимончи, қирувчи авиация, ҳужумкор, разведка ва транспорт авиацияси, шунингдек, кўп мақсадли вертолёт авиациясидан иборат.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари республиканинг маъмурий-сиёсий, иқтисодий-саноат марказлари, қўшинлар туркумларини, шунингдек, муҳим ҳарбий ва бошқа объектларни душманнинг ҳаво зарбасидан ҳимоя қилишга мўлжалланган. Уларнинг асосий вазифаси душман ҳаво ҳужуми бошлаганини аниқлаш, бу ҳақда хабар бериш ҳамда душманнинг ҳаводаги учиш аппаратларини йўқ қилишдан иборат. Ушбу вазифаларни бажариш мақсадида ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларида тинчлик даврида жанговар навбатчилик жорий этилган. Уруш даврида эса қуруқликдаги қўшинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва Ҳарбий-ҳаво кучлари билан биргаликда ҳаво ҳужумидан мудофаанинг бирлашган тизимини ташкил этади.

Махсус қўшинлар

Жанг муваффақияти кўп жиҳатдан алоқа қўшинларига боғлиқдир. Улар зиммасига қўшинлар ва қуролларни бошқариш тизимидаги ахборот алмашинувини таъминлаш вазифаси юкланган. Алоқа қўшинлари жанг боришига симли алоқа, радиоалоқа, махфийлаштирилган алоқа воситалари билан таъсир ўтказади.

Махсус қўшинларнинг яна бир тури муҳандислик-қурилиш қўшинларидир. Бу қисм Қуролли кучлар инфратузилмасининг тараққий этишига, давлатнинг стратегик иқтисодий дастурини амалга оширишга ҳисса қўшиб келмоқда. Уруш шароитида бу қўшинларга мудофаа истеҳкомлари ва иншоотларини қурилиш ҳамда коммуникация тармоқларини яратиш, шунингдек, қутқарув-авария ишларини бажариш юкланган.

Янгиликлар