Вояга етмаганларга нисбатан номақбул ҳаракатлар учун жавобгарлик кучайтирилади
Ўзбекистонда вояга этмаган шахсларга нисбатан номақбул ҳаракатлар содир этганлик учун жазо кучайтирилади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида «Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан телекоммуникация тармоқларидан ёки интернетдан фойдаланиб, уятсиз ҳаракатлар қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Шунингдек, болалар тасвирланган порнографик маҳсулотларни сақлаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда, — дейилади хабарда.
Аниқланишича, болаларни турли зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган ишлар амалга оширилишига қарамай, бу борадаги номақбул ҳаракатлар камаймаяпти. Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг 8 ойида вояга етмаганларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш жинояти 36 фоизга ортган.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга вояга етмаганлар ҳимояси юзасидан қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда, — дейди ХДП фракция аъзоси Сайёра Имомова.
Шунингдек, вояга етмаганларни жабрланувчи ёки гувоҳ сифатида сўроқ қилиш муддатлари ҳам аниқ белгиланмоқда. Яъни, давомийлиги 1 кун этиб белгиланяпти. Шу билан бирга, бу жараёнларда уларга жавобгар шахслар ҳам биргаликда иштирок этиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Фракция муҳокамаларида билдирилган таклифлардан сўнг тегишли қарорлар қабул қилинди.