Энди Қозоғистонда «қиз опқочиш» ва мажбурий никоҳдан ўтказиш жиноят ҳисобланади
Қозоғистонда одам ўғирлаш ва мажбурий никоҳдан ўтказишга қарши қонунлар кучайтирилди. Энди ушбу ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Мамлакат ИИВ маълумотига кўра, Жиноят кодексига «125-1-модда — Никоҳга мажбурлаш» деб номланган янги модда қўшилди. Энди бундай ҳаракатлар учун жарима, жамоат ишлари, тузатув ишлари, шунингдек, икки йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилиши мумкин.
Агар жиноят оқибатида эҳтиётсизлик орқали оғир оқибатлар келиб чиқса, озодликдан маҳрум этиш жазоси 5 йилдан 10 йилгача этиб белгиланади.
Шу билан бирга, агар ушбу ҳаракатларда зўравонлик қўлланилса, жабрланувчи вояга етмаган бўлса, жиноят гуруҳ бўлиб ёки хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса, жазо янада кучайтирилади.
Ушбу ўзгаришлар мажбурий никоҳларнинг олдини олишга, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини, айниқса, аёллар ва ўсмирларни ҳимоя қилишга қаратилгани таъкидланди.