Самарқандда 38 та мактабда салкам 17 минг ўқувчи дарсни анъанавий тарзда бошлади

Самарқандда 14 cентябрдан 38 та мактабда анъанавий шаклда дарслар бошланиб, уларда жами 16 849 нафар ўқувчи дарсларда қатнашди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар қилди.

Хабарга кўра, вилоятнинг 9 та ҳудудидаги 38 та умумтаълим муассасасида 14 cентябрдан босқичма-босқич анъанавий тарзда дарслар бошланди.

Вилоятдаги 1255 та мактабнинг барчасида дарс жараёнларини ташкил этиш ҳамда кириш-чиқиш схемалари ишлаб чиқилган. 13 cентябрга қадар 548 та мактабнинг пандемия даврида фаолият олиб бориши мумкинлиги тўғрисида Санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг хулосалари берилган.

Қайд этилишича, 33 476 нафар (61,3 фоиз) педагог COVID-19 вирусини аниқлаш бўйича тест топширган. Вилоятдаги барча мактабларга жами 2355 та пирометр, 1 литр ҳажмдаги 1908 дона антисептик восита ҳамда 111 228 та тиббий ниқоб етказилган. Таълим муассасаларига соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари ҳамда ички ишлар ходимлари бириктирилган.

Шунингдек, 14 cентябрь куни анъанавий шаклда дарс бошлаган мактабларда жами 2003 нафар бошланғич ва юқори синф ўқитувчилари 16 849 нафар ўқувчига таълим бермоқда. Ўқувчиларнинг 9713 нафари бошланғич синф, 7136 нафари 511-синф ўқувчиларидир. Мактабларда дарс жараёнлари Халқ таълими вазирлиги томонидан янги ўқув йилининг I чораги учун белгилаб берилган намунавий дарс жадвали асосида ташкил этилмоқда.

Таъкидланишича, дарс жадвалини шакллантиришда ўқувчиларнинг бир жойда тўпланмаслиги ва тирбандликни олдини олиш учун дарс машғулотларининг бошланиш вақтлари белгиланган. Яъни, бошланғич синфлар учун дарс 8:00 да, 5–8-синфлар учун 8:30 да, 9–11-синфлар учун эса 9:00 да бошланади.

Аввалроқ Ўзбекистонда 14 сентябрдан анъанавий шаклда фаолиятини бошлайдиган мактаблар сони маълум қилинган эди.

Янгиликлар