Олотда ажрим ёқасига келиб қолган 4 та оила яраштирилди
Бухоро вилояти Олот туманида ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг 4 таси яраштирилди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Бухоро вилоятининг барча туманларида вилоят Ички ишлар бошқармаси, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси, Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими ҳамда вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, тааллуқли ҳудудий идоралар ва кенг жамоатчилик билан биргаликда «Оилам бахти — ўз қўлимда» ойлиги доирасида тадбир ўтказилган. Тадбирда туманда ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг 4 таси яраштирилган.
Туманидаги ишлаб чиқариш корхоналарда меҳнат қилаётган хотин-қизларга яратилган шарт-шароитлар ўрганилган. Аёллар билан суҳбатлар ўтказилган. Уларни қийнаб келаётган муаммолар ўрганилиб, бартараф этиш чоралари кўрилган. Корхоналарда хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилиб, ушбу корхоналар фаолиятини кенгайтириш бўйича таклифлар илгари сурилган. Ойлик доирасида бандлиги таъминланмаган аёлларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилган.
Қайд этилишича, туманнинг «Човдур» маҳалласида яшовчи фуқаро С.Й.нинг яшаш шароити, оилавий муҳити ҳамда муаммолари туман Ички ишлар бошқармаси ХПБ Хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори ва психолог томонидан ўрганиб чиқилган. Фуқаронинг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида унга озиқ-овқат маҳсулотлари берилган. Шунингдек уни доимий иш билан таъминлаш чоралари кўрилган.
«Меҳр ва эътибордан четда қолмаганимдан жуда хурсандман. Мутасаддилар томонидан муаммоларим ўрганилди. Уларга ечим топилди. Иш билан таъминландим. Давлат раҳбари томонидан мендек аёлларга эътибор берилаётганидан мамнунман» — дейди Сайёт Янгиева.
Аввалроқ Когонда бир кунда ажрим ёқасидаги бешта оила яраштирилгани ҳақида хабар берилганди.