Ўзбекистонда ҳафта охирида ҳаво исийди

«Ўзгидромет» Ўзбекистонда 16 декабрдан 18 декабргача антициклоннинг совуқ периферияси кучсизланиб, ҳаво ҳарорати исий бошлашини маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, 14 ва 15 декабрь кунлари Ўзбекистонда об-ҳаво шароитини Қозоғистоннинг шимолий ҳудудлари устида жойлашган совуқ антициклон периферияси белгилайди. Республика ҳудудларининг кўп қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Республиканинг барча ҳудудларида совуқ об-ҳаво сақланиб туради, ҳаво ҳарорати кечаси 2–7 даража совуқ, кундуз кунлари 2 даража совуқ 3 даража илиқ бўлади, бу иқлимий меъёрдан 7–9 даражага пастдир.

Таъкидланишича, 16 декабрдан 18 декабргача антициклоннинг совуқ периферияси кучсизланиб, шимоли-шарққа чекина бошлайди. Шу кунларда республиканинг барча ҳудудларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва иш ҳафтаси охирига келиб иқлимий меъёрларга яқинлашади. 18 декабрга келиб, совуқ кечаси 0–2 даража совуққача кучсизланади, кундузи эса ҳаво 7–10 даражагача исийди.

Янгиликлар