Саида Мирзиёева Намангандаги беш ёшли қизча билан боғлиқ фожиага муносабат билдирди
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда бу каби жиноятлар учун жавобгарликни максимал даражада кучайтириш бўйича қонунчиликка ўзгартиш киритиш таклифлари тайёрланмоқда

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Наманган вилоятида давлат боғчаси омбор мудири беш ёшли тарбияланувчини зўрлаганликда гумонланаётгани билан боғлиқ фожиага муносабат билдирди.
Наманганда юз берган фожиа ҳақида менга хабар беришди. Бўлган воқеани эшитиб, ғазабим ичимга сиғмай кетди. Назаримда, бундай ваҳшиёна жиноятлар учун ўлим жазосини қўллаш керак. Амалдаги қонунчиликда олий жазо кўзда тутилмаган, шу боис жавобгарликни максимал даражада кучайтириш учун қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш бўйича таклиф тайёрлаяпмиз, — деди Мирзиёева.
Администрация раҳбарининг сўзларига кўра, тегишли идораларга барча зарур кўрсатмалар берилган.
Жиноятчи қонун доирасидаги энг оғир жазога тортилади. Шунингдек, бепарволиги билан бу қабоҳатга йўл очган, норасида болани асрай олмаган барча масъуллар ҳам жазоланади, — деб таъкидлади Мирзиёева.
Аввалроқ гумонланувчи қамоққа олинган эди. Унга нисбатан 14 ёшга тўлмаган шахсни номусга тегиш ҳамда ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан таҳдид қилиш моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Иш Бош прокурорнинг шахсий назоратида.





