Паспортининг муддати тугамаган фуқаро ID-карта олишга мажбурми? Мутасадди жавоб берди

Ўзбекистонда 2021 йил 4 январдан биометрик паспорт ўрнини эгалловчи идентификация ID-карталари берила бошлангани ҳақида хабар берилганди. Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошқарма бошлиғи Фазлиддин Усмонов қандай ҳолатларда фуқаролар паспортини ID-картага алмаштириши шарт эмаслигини маълум қилди.

Фото: «Kun.uz»

Қайд этилишича, Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб 2011 йилги намунадаги фуқаронинг биометрик паспортини бериш тўхтатилди. Бунинг ўрнига ID-карталарга ўтилмоқда. ID-карталарга ўтиш учун 10 йил вақт белгиланган бўлиб, бу муддат — фуқаролик паспортининг амал қилиш муддатига тенг. Шунга мувофиқ, фуқаролар ўз паспортларидан муддати тугагунча фойдаланишда давом этишлари мумкин.

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошқарма бошлиғи Фазлиддин Усмоновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари агар паспортининг амал қилиш муддати тугамаган бўлса, у йўқотилмаган ёки яроқсиз ҳолга келмаган бўлса, ундан фойдаланишда давом этиши мумкин. Яъни юқоридаги шартларда фуқаролар паспортини ID-картага алмаштириши шарт эмас.

«2031 йилдан бошлаб, Ўзбекистон фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. ID-карталар республиканинг исталган ҳудудида, 1 иш кунида тайёрлаб берилади. Паспортдан фарқли равишда, ID-картани йўқотиб қўйганлик учун жарима йўқ», дейилади хабарда.

Маълумот учун, ID-карта олиш учун фуқаролар паспорт ёки у йўқолган ёхуд зарар етган бўлса, унинг ўрнини босувчи ҳужжатни тақдим этиши лозим. Гувоҳномани олиш учун my.gov.uz портали орқали онлайн ариза бериш ҳам мумкин. Айни пайтда тўлов миқдори БҲМнинг 89 фоизи (198 470 сўм)ни ташкил этади. БҲМ миқдори 1 февралдан ўн фоизга кўтарилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда қанча фуқарога ID-карта берилгани маълум бўлганди. Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Муродбековнинг маълум қилишича, йил бошидан 13 январга қадар мамлакат ҳудудида 16 минг 471 нафар Ўзбекистон фуқаросига, 62 нафар доимий яшовчи чет эл фуқаросига, 21 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга ID-карта расмийлаштириб берилган.

Янгиликлар