Ўзбекистонда қанча фуқарога ID-карта берилгани маълум бўлди

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Муродбеков 12 январь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда шу кунга қадар қанча фуқарога ID-карта берилганини маълум қилди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Дилшод Муродбековнинг маълум қилишича, йил бошидан шу кунга қадар мамлакат ҳудудида 16 минг 471 нафар Ўзбекистон фуқаросига, 62 нафар доимий яшовчи чет эл фуқаросига, 21 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга ID-карта расмийлаштириб берилган.

Маълумот учун, ID-карталар фуқароларга қуйидаги тартибда берилади:

  • янги туғилган болага 1 ёшгача 2 йил муддатга;
  • 1 ёшдан 16 ёшгача 5 йил муддатга;
  • 16 ёшдан бошлаб 10 йил муддатга берилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йил 4 январдан биометрик паспорт ўрнини эгалловчи идентификация ID-карталари берила бошланиши ҳақда хабар қилинган. ID-карталарини олиш учун ҳеч қандай махсус ҳужжатлар талаб этилмайди, фақат паспот, ариза ва давлат божи – базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизи (198 470 сўм) тўланиши лозим.

Аввалроқ Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ишлари қачонгача давом этиши маълум бўлганди. Шунингдек, Ўзбекистонда бир қатор давлат хизматларида фуқаролардан «прописка» талаб этилмаслиги мумкинлиги хабар қилинган.

Янгиликлар