Нотўғри реклама сабаб «Korzinka» супермаркетлар тармоғига нисбатан иш очилди

«Korzinka» супермаркетлар тармоғи нотўғри реклама тарқатганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати хабар беради.

Мутахассислар томонидан, «Кундалик харидларга энг арзон нарх», «Энг арзон нарх Korzinkaда», «Энг унумлисига келинг!» ибораларини ишлатган реклама материалларини таҳлил қилиниб, бундай иборалар истеъмолчиларни чалғитиши мумкин, — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, акцияда энг зарур товарлар каталоги намойиш этилиб, уларнинг нархи енг арзони деб маълум қилинган. Шундан сўнг, товарлар нархларини таққослаш мақсадида турли супермаркет ва бозорлардаги маълумотлардан фойдаланилган.

Натижада, энг арзон деб эълон қилинган алоҳида товарлар нархлари аслида бошқа супермаркет ва бозорлардаги шунга ўхшаш товарлар нархидан фарқ қилмаган. Шунинг учун бу реклама истеъмолчиларни чалғитувчи деб ҳисобланиши мумкин, деб таъкидлаган қўмита.

Мазкур компанияга нисбатан «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддаси 1-қисми ва «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддаси 1-қисми талаблари бузилганлиги сабабли иш очилган.

Янгиликлар