Қувасойда профилактика инспекторлари 10 млн сўм пул мукофоти билан тақдирланди (видео)

Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида 2020 йил 14 август куни карантин даврида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш ишларида намунали хизмат олиб борган профилактика инспекторлари тақдирланди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот химзати хабар берди.

Хабарда айтилишича, Қувасой шаҳар Ички ишлар бўлимида карантин давомида фаолият олиб борган маҳалла профилактика инспекторлари вилоят ҳокимининг 10 миллион сўм пул мукофотлари билан тақдирланган. Тақдирлаш маросимида вилоят ҳокимлиги ва вилоят ички ишлар мутасаддилари намуна кўрсатган ходимларга мукофот пулларини топширган.

«Ўзбекистонда карантин қоидалари жорий қилингандан буён Қувасой шаҳар «Боғбон» МФЙда чойхона, ошхона ва савдо дўконларига туну кун кириб, фуқароларнинг карантин қоидаларига риоя қилишлари учун тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Қолаверса, хонадонма-хонадон юриб, фуқароларнинг карантин қоидаларига риоя қилишлари учун, жиноятчиликнинг олдини олиш учун тушунтириш ишлари олиб боряпмиз», — дейди профилактика инспектори Муроджон Қосимов.

Аввалроқ Избосканда 73 метрлик кўприк қурилишида жонбозлик кўрсатган қурувчилар тақдирлангани ва Тошкентда хизмат вақтида ҳалок бўлган ИИБ ходимининг оиласи «темир дафтар»га киритилиб, 1 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар