Хизмат вақтида ҳалок бўлган ИИБ ходимининг оиласи «темир дафтар»га киритилди ва 1 млн сўм моддий ёрдам кўрсатилди
Интернет ОАВларида «Ватан учун қурбон бўлган ИИБ ходимининг муҳтож оиласига нега ёрдам кўрсатилмади?» сарлавҳа остида мақола эълон қилинди. Бу эса кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Олий Мажлис Сенати ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Тарқалган мақолаларда келтирилишича, 2000 йил аксилтеррор тадбирларида юрт тинчлигини таъминлаш йўлида қурбон бўлган сержант Икром Саидаҳмедовнинг беваси ва II гуруҳ ногирони бўлган ўғли Саидолим айни кунда қийналиб яшаётган бўлишига қарамасдан пандемия даврида муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган «темир дафтар»га киритилмаган. Ушбу оила моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмаган.
Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мазкур масалани ўрганиб, ўз назоратига олди ҳамда тегишли мутасаддиларга кўрсатма берди.
Таъкидланишича, Ички ишлар собиқ сержанти Икромжон Саидаҳмедов Тошкент вилояти ИИБ Ёнғин хафсизлиги бошқармасига бевосита бўйсунувчи 18-ёнғин хавфсизлик қисми катта ёнғин ўчирувчиси лавозимида 1996 йилнинг март ойидан 2000 йилнинг сентябрь ойига қадар хизмат қилган.
2000 йилнинг 23 сентябрь куни Бўстонлиқ тумани тоғли ҳудудларида ўтказилган «Антитеррор» тадбирида ёнғинни ўчириш вақтида аланга ичида қолиб кетган ва жароҳатланишига қарамай, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва давлат мулкини сақлаш йўлида ҳалок бўлган.
Вафотидан сўнг Ўзбекистон Президентининг 2001 йил 12 январь кунидаги фармонига асосан «Жасорат» медали билан тақдирланган.
2020 йил 12 август куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аралашуви билан марҳумнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олинди. Уларга 1 миллион сўм миқдорида нақд пул шаклида моддий ёрдам, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Шу билан бирга, ҳозирда Б.Сайдаҳмедова ва унинг ўғли II гуруҳ ногирони Саидолим Бўстонлиқ туман тиббиёт бирлашмасида даволаниши, даво муолажалари тугагач, уларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам ижобий ҳал этилди. Қолаверса, Бўстонлиқ туман ҳокимлиги томонидан ушбу оила «темир дафтар»га киритилиб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватланадиган бўлди.
Аввалроқ Самарқандда 18 824 нафар фуқарога 220 минг сўмдан моддий ёрдам пули берилгани хабар қилинган эди.