Ғиждувон ХТБ мудирасининг болаларни масжиддан қайтаришга берган буйруғи юзасидан расмий баёнот берилди

Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан 14 cентябрь, душанба куни Ғиждувонда ХТБ мудираси болаларни масжиддан қайтаришга буйруқ бергани бўйича тарқалган аудиоматериал бўйича ўрганишлар олиб борилди. Бу ҳақда бошқарма матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, туман мудираси томонидан пандемия даврида анъанавий шаклдаги фаолиятга ўтган ва ўтиши режалаштирилган мактаблар ўқувчиларининг саломатлигини асраш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, одамлар гавжум бўлган жойларда юришларининг олдини олиш, ўқувчи-ёшларнинг масжидларга отаси, бобоси ва ёши катта яқин қариндошлари билан бориши, ёлғиз бормаслигига чақириш мақсадида вояга етмаган ўқувчи-ёшларнинг саломатлигини ўйлаган ҳолда бундай кўрсатма берганлиги аниқланган.

«Унинг бу хатти-ҳаракатларида Ўзбекистонда белгиланган диний эркинлик ҳуқуқларига тўсқинлик қилиш мақсади йўқ, бу фақат ўқувчи-ёшлар хавфсизлигини таъминлаш учун қилинган эҳтиёткорлик чораси», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, тиббиёт бирлашмаларининг хулосалари, ўқитувчилардан олинган тест натижалари ҳамда Халқ депутатлари туман кенгашларининг тегишли қарорларига кўра, Бухоро вилоятида 14 сентябрь куни 17 та, 15 сентябрь куни 13 та умумтаълим мактаби ўз фаолиятини бошлаши белгиланди. Жумладан, Ғиждувон туманида мавжуд 67 та умумтаълим мактабнинг 11 тасида ҳам анъанавий шаклда таълим жараёнлари бошланади.

Aввалроқ Бухорода 14 сентябрдан 17 та мактабда анъанавий таълим бошлангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар