Ургутда 500 ўринли махсус шифохона ташкил этилди (фото)

Самарқанд вилояти Ургут туманида 500 ўринли махсус шифохона ташкил этилди. Бу ҳақда туман ҳокимлик ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ургут туман ҳокимлик ахборот хизмати

Маълум қилинишича, туманда коронавирус инфекциясига гумондорлар шу пайтгача туман марказий шифохонаси юқумли касалликлар бўлимида жойлаштирилган. Касаллик аниқланган беморлар эса вилоятдаги тиббий муассасаларда даволанган.

Фото: Ургут туман ҳокимлик ахборот хизмати

Айтилишича, туманда аҳолининг кўплиги эътиборга олиниб, Ургут тиббиёт коллежи биносида 500 ўринли вақтинчалик махсус шифохона ташкил этилган. Коллеж спорт залида 80 ўринли реанимация бўлими барча зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланди, кислород таъминоти яратилган.

Фото: Ургут туман ҳокимлик ахборот хизмати

Шунингдек, коллеждаги хоналар 420 ўринга мослаштирилиб, ётоқ мебеллари билан жиҳозланган. Коллеж ётоқхонаси муассасада ишловчи тиббий ходимлар учун ажратиб берилган.

Фото: Ургут туман ҳокимлик ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, 8 август куни Самарқанд ҳокими Эркин Турдимов Олимпия захираларини тайёрлаш мажмуасида тақсимлаш маркази ташкил этилганини маълум қилганди.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида 4 та саралаш ва тақсимлаш марказида 1843 та ўрин бўш қолгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Шуҳрат Ғаниев «Само» спорт мажмуасидаги тақсимлаш марказида тиббий жиҳозларни ўрнатиш жараёни билан танишган.