Ўзбекистондаги алоқа операторлари абонентларига 22,5 млрд сўмдан кўпроқ зарар етказди

Ўзбекистондаги алоқа компаниялари истеъмолчиларга 22,5 миллиард сўмдан кўпроқ зарар етказгани маълум бўлди. Бу ҳақда АОКАда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори ўринбосари Аъзамжон Қурбонов иштирокида ўтказилган брифингда айтиб ўтилди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида истеъмолчилардан жами 17,5 мингдан ортиқ аризалар келиб тушган бўлиб, шундан 638 таси алоқа соҳасидаги муаммолар билан боғлиқ мурожаатлардан иборат.

Агентлик томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, алоқа соҳасида истеъмолчилардан 22,5 миллиард сўмдан зиёд ортиқча маблағ олинганлиги аниқланган ва уларни истеъмолчиларга қайтариш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинган.

Масалан, Beeline компанияси томонидан 2019 йилнинг июнь ойида 3 миллион 200 мингдан ортиқ абонент «Хабардор бўл» хизматига бепул уланган, бироқ ушбу хизматдан бир ой бепул фойдаланган 1 миллион 300 минг абонентдан кейинги ойдан бошлаб кунига 240 сўмдан пул ушлаб қолаверган ва бу ҳақда хизматнинг пуллик эканлиги тўғрисида барча абонентлар хабардор этилмаган. Натижада, истеъмолчилардан 20 млрд сўмга яқин ортиқча ҳақ олинган. Бугунги кунда ушбу маблағ абонентларга босқичма-босқич қайтарилмоқда.

Контент провайдерлар томонидан мобиль алоқа компаниялари кўмаги билан истеъмолчилар ўртасида турли викторина ва бошқа пуллик хизматларни кўрсатишда ҳам истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши ҳолатлари мавжуд.

Хусусан, «Via Mobi» контент провайдери томонидан «Ғолиб бўл ва ютиб ол!» акцияси доирасида Билайн абонентларига «Сиз 100 млн сўм ғолиби сифатида танлаб олиндиз» мазмунида SMS хабар юборилиши натижасида 3600 истеъмолчи 17,1 млн. сўм миқдорида ортиқча харажатни амалга оширган.

«First IT Group» контент провайдери томонидан «Al-chiroq» акциясига уланган Ucell абонентларига ҳақиқатда пуллик хизматлар кўрсатилмасада, ҳақ ундирилган ва бу ҳақда истеъмолчилар хабардор қилинмаган. Натижада 337 900 абонентдан 97,4 млн сўм ортиқча маблағ олинган.

Бундан ташқари, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ҳамда «Электромагнит мослашув маркази» ДУК билан биргаликда жорий йилнинг июнь-июль ойларида республика ҳудудидаги 12 246 та аҳоли яшаш масканларида мобиль алоқа қамрови ҳолати таҳлил қилинганда, уларнинг 6,6 фоизида — 2G, 56,8 фоизида — 3G ва 95,5 фоизида 4G алоқаси мавжуд эмаслиги аниқланган.

Шу билан бирга, 115 та аҳоли яшаш масканида бирор-бир мобиль алоқа операторининг алоқа қамрови мавжуд эмаслиги, 533 та етиб бориш қийин бўлган аҳоли яшаш масканларидан 313 тасида (ёки 58,7 фоизида) умуман мобил алоқа қамрови мавжуд эмаслиги қайд этилган.

Масалан, Наманган вилоятида истеъмолчиларнинг алоқа хизматлари билан таъминланганлик даражаси таҳлил қилинганда, 4 та мобиль алоқа компанияларининг жами 1,7 млн абонентлари мавжудлиги, уларда жами 1058 та тармоқ алоқа база станциялари ўрнатилганлиги ва бу 1615 та абонентга 1 та антенна тўғри келиши аниқланган (1 та антенна Қозоғистонда 643 нафар ва Россияда 235 нафар аҳолига хизмат қилади).

Аввалроқ Beeline абонентларига етказган бир неча миллиард сўм зарарни тўлаб бериши ҳақда хабар берилганди. Маълум қилинишича, 2020 йилнинг март ойида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан «UNITEL» (Beeline Uzbekistan)га қарши мобил алоқа хизматларини кўрсатиш қоидалари ҳамда «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунни бузганлиги юзасидан иш қўзғатилган.