Ўзбекистонда туризмни оммалаштиришга йўналтирилган промо-акциялар эълон қилинди

Ўзбекистонда 15 сентябрдан 15 октябрга қадар хорижий сайёҳлар орасида «Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлар», маҳаллий сайёҳлар орасида ички ва хавфсиз туризмни оммалаштиришга йўналтирилган «Менинг саёҳатим» промо-акциялари элон қилинди.

Фото: Туризмни ривожлантириш қўмитаси

Уларда фуқаролигидан қатъи назар, барча шахслар иштирок этиши мумкин. Промо-акцияда қатнашиш тартиби ва шартлари:

  • фотосуратларни промо-акцияда эълон қилиш иштирокчининг ўзи томонидан амалга оширилади;
  • Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Facebook ижтимоий тармоғидаги каналларига ҳамда Instagram тармоғидаги саҳифасига обуна бўлиш лозим;
  • акцияда иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган (ташрифнинг аниқ даври чегараланмайди) хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳлар мамлакат ҳудудида саёҳати давомида олинган фотосуратларини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига #UzbekistanImpressions ва #MeningSayohatim ҳештеглари билан жойлаштириш.

Айтилишича, интернет тармоғида эълон қилинаётган фотосуратда ҳақоратловчи ёки шаънга тегувчи сўзлар бўлмаслиги ҳамда ушбу фотосуратлар салбий тусга эга бўлмаслиги лозим. Бир ой давомида ташкил этиладиган акция доирасида ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда #UzbekistanImpressions ва #MeningSayohatim ҳештеглари билан жойлаштирилган иштирокчилар рўйхати шакллантирилиб борилади.

Маълумотларга кўра, шакллантирилган иштирокчилар рўйхатини саралаш ва тасодифий ғолибни аниқлаш 2020 йилнинг 30 октябрь куни онлайн www.random.org генератори орқали Қўмита томонидан амалга оширилади. Промо-акциянинг 2 нафар (ҳар иккала йўналишда) ғолибига ташкилотчилар томонидан ғолиблик сертификати ва Ўзбекистон туризм бренди логотипи туширилган эсдалик совғалари жамланмаси топширилади.

Шунингдек, акция якуни билан ҳар бир йўналиш бўйича комиссия томонидан танланган «Энг яхши фотосуратлар» қўмитанинг расмий веб-сайтлари ҳамда бошқа манбаларда эълон қилинади.

Янгиликлар