Оҳангаронлик аёл ўғлини қамоқдан чиқаришмаса прокуратура биноси олдида ўзини осиши ёки ёқиб юборишини айтди

Тошкент вилояти Оҳангарон туманида аёл ўғлини қамоқдан чиқаришмаса прокуратура биноси олдида ўзини осишини ёки ёқиб юборишини айтди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Хабар қилинишича, аёлнинг ўғли Б.М. 2017 йил март ойидан буён фуқаро А.Й.нинг яшаш учун бошпанаси йўқлигидан фойдаланиб, уйига олиб келган. Унга бошпана бергани учун текинга ёлланма ишчи сифатида доимий ишлатиб келган. Фуқаро А.Й. га тегишли барча ҳужжатларини олиб қўйиб, иш ҳақини ҳам бермаган. Унинг номига пенсия учун «Халқ банки» Ангрен филиалидан пластик карточкаси расмийлаштириб, жами 10 миллион 987 минг сўм миқдоридаги пенсияни пластик карта орқали ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Таъкидланишича, 2020 йил 15 сентябрь куни фуқаролар Х.Н. ва А.Й. ларнинг берган аризасига кўра Оҳангарон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми, 227-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Фуқаро Б.М. нинг уйи тинтув қилинганида А.Й нинг фуқаролик паспорти, жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси, нотариал тартибда расмийлаштирилган ишончнома, иш ҳақи тўғрисида маълумотномалар ва «кўкнори» ўсимлигига ўхшаш ўсимлик бошоқлари топилиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб олинган.

Маълум бўлишича, Б.М. нинг опаси С.М. ижтимоий тармоқларда ва Оҳангарон туман прокурори номига ёзган мурожаатларида укаси Б.М. Оҳангарон туман прокурори ўринбосари ва терговчиси билан уришиб қолганлиги сабабли, укасига нисбатан ноқонуний  жиноят иши қўзғатилганини ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилганлигини маълум қилган.

Шунингдек, Б.М.нинг онаси З.М. 7 октябрь куни туман прокуратурасига келиб, ўғли Б.М. ни озодликка чиқаришни, акс ҳолда туман прокуратураси темир панжарасига рўмоли ёрдамида ўзини осишини ёки ёқиб юборишни таъкидлаб, провакацион ҳаракатларни амалга оширган.

Ҳозирда Б.М.га нисбатан жиноий жавобгарликка оид, опаси ва онасига нисбатан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилган.

Аввалроқ Андижонда қизининг ўлими юзасидан ундирилиши керак бўлган «Spark»ни ололмаган она прокуратура биноси олдида ўзини ёқиб юборгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар