Туркияда ўзбекистонлик эркак пичоқлаб ўлдирилди
Туркияда ўзбекистонлик эркак пичоқлаб ўлдирилди. Гумондор ҳам Ўзбекистон фуқароси. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотларига кўра, 2020 йил 12 декабрь куни Истанбулнинг Чаталжа туманида юзага келган ўзаро жанжал оқибатида 1986 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Х.Х. жароҳат олиб, вафот этган. Ушбу жиноятни содир қилишда гумонланиб 1993 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Д.Х. қўлга олинган ва ҳолат юзасидан жиноий иш очилган.
«Бош консулхона ушбу ҳолатни назоратга олган. Марҳумнинг қариндошларига консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан алоқада бўлиб турибди. Марҳумнинг жасадини 16 декабрь куни Ватанга юбориш режалаштирилган.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради ҳамда Туркия, Болгария, Руминия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарур ҳолатларда Истанбул шаҳридаги Бош консулхонага қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади», дейилади хабарда.
Аввалроқ Туркияда 31 ёшли ўзбекистонлик йигит тиланчи томонидан пичоқлаб ўлдирилгани ҳақида хабар берилган эди. Маълумот учун, Туркияда бўлган халқаро қидирувдаги Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга экстрадиция қилиниши мумкин.