Туркияда бўлган халқаро қидирувдаги Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга экстрадиция қилиниши мумкин
Туркия ҳудудида бўлган халқаро қидирувдаги кўплаб Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга экстрадиция қилиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида экстрадиция тўғрисидаги битим имзоланиб, кучга кирди. Мазкур битимга кўра, бундан кейин томонлар ўз ҳудудида аниқланган ва бошқа томон тарафидан қидирилаётган шахсларни бир-бирларига ушлаб бериш мажбуриятини зиммасига олади.
Шунингдек, ҳозирда махсус хизматлар ўртасида мулоқотлар давом этаётган бўлиб, келгусида Туркия ҳудудида бўлган кўплаб халқаро қидирувдаги Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга экстрадиция қилиш режалаштирилмоқда.
Маълумот ўрнида, экстрадиция — жиноят содир қилган шахсни жиноий жавобгарликка тортиш ёки унга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини ижро этиш учун бир давлатдан иккинчи давлатга бериш. Жиноятчини бериш шартлари ва тартиби халқаро шартнома ва миллий қонунчилик билан белгиланади.
Мавзуга доир: Ўзбекистон билан Туркия қурилиш мутахассислигига эга мигрантларни иш билан таъминлаш тўғрисида келишувга эришди
Aввалроқ Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консули ўз вазифасини бажаришга киришгани маълум қилинган эди. Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги Туркияга бормоқчи бўлган ўзбекистонликларга мурожаат қилгани ҳақида хабар берилганди.