Туркияда 31 ёшли ўзбекистонлик йигит тиланчи томонидан пичоқлаб ўлдирилди
Туркиянинг Истанбул шаҳрида 31 ёшли ўзбекистонлик Бурҳон Очилов 8 декабрь куни тиланчилик билан шуғулланувчи турк фуқароси томонидан пичоқлаб ўлдирилди. Бу ҳақда «Effect.uz» хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа 8 декабрь куни 18:00 да Малтепа туманида содир бўлган. Бир неча бор судланган, қамоқдан гаров эвазига озодликка чиққан ва тиланчилик билан шуғулланиб келаётган 27 ёшли Бедир Г. исмли турк фуқароси кечқурун дўконга келиб, ўзи учун нарса сотиб олмоқчи бўлган.
Шу пайт дўконга келган Бедир Г. билан дўкон дилерига курерлик қилган Бурҳон Очилов ўртасида низо келиб чиққан. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Очилов Бедир Г.га «Нега ишламаяпсиз, мен ҳатто бошқа бир жойдан келганман, ишлаяпман», деб танбеҳ берган. Шундан сўнг улар ўртасида жанжал юзага келган. Очилов Бедир. Г. муштлаган, можаро авж олиб, ўзбекистонликнинг пичоқланиши билан якун топган.
Воқеа жойидан қочиб кетган Бедир Г. полиция томонидан ушланиб, ҳибсга олинган. Унинг 24 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Марҳумнинг жасади яқинлари томонидан Ўзбекистонга юборилган.
Aввалроқ Жиззахда куёв «лезвие» билан тан жароҳати етказмоқчи бўлган қайнтоғасини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда маст эркак келишмовчилик сабаб 34 ёшли аёлни уриб ўлдиргани хабар қилинган.