Самарқандда маст эркак келишмовчилик сабаб 34 ёшли аёлни уриб ўлдирди

Самарқанд вилояти Нарпай туманида 27 ноябрь куни маст эркак келишмовчилик сабаб 34 ёшли аёлни уриб ўлдирди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати

Таъкидланишича, 27 ноябрь куни соат 22:00 да Нарпай тумани Кўк-ота маҳалласи Ўлмас қишлоғида яшовчи фуқаро 33 ёшли Ж.Д. 7 нафар танишлари билан биргаликда Равотолчин маҳалласида жойлашган умумий овқатланиш жойида ўтирган. Шундан сўнг спиртли ичимлик истеъмол қилган ва таниши, 34 ёшли Г.Т. билан ўрталарида келиб чиққан келишмовчилик оқибатида уни шу атрофдаги боғнинг ичига олиб бориб, танасининг турли қисмларига қўли ва оёқлари билан уриб, тепиб, тан жароҳати етказган.

Шундан сўнг Ж.Д. таниши Г.Т.га тиббий ёрдам кўрсатиш ва унинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида тез ёрдам хизматига мурожаат қилган. Бироқ Г.Т. олган тан жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойида вафот этган. Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида марҳума Г.Т.нинг эгнидаги кийимлари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Нарпай тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан фуқаро Ж.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш мақсадида одам ўлдириш) 3-қисми «д» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича Ж.Д. гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Aввалроқ Самарқандда хотинининг бегона эркак билан ишқий муносабатда бўлганини кўрган эр уларни пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Бухорода 13 ёшли қизнинг бошига болға билан уриб, уйдан тақинчоқ ва пул ўғирлаган аёл ушлангани хабар қилинган.

Янгиликлар