Самарқандда хотинининг бегона эркак билан ишқий муносабатда бўлганини кўрган эр уларни пичоқлаб ўлдирди
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида 20 ноябрь куни хотинининг бегона эркак билан ишқий муносабатда бўлганини кўрган эр уларни пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда «Теz News»га унинг манбалари маълум қилди.
Таъкидланишича, 20 ноябрь куни соат 17:30 да Пастдарғом тумани Арабхона маҳалласида яшовчи 1978 йилда туғилган тадбиркор А.М. турмуш ўртоғи — 1989 йилда туғилган Ш.А.ни йўл четида Р.Э.нинг бошқарувидаги «Nexia-3» автомашинасига чиқаётганини кўриб қолади. Уларнинг ишқий муносабатларини аввалдан сезиб юрганлиги боис яшаш уйидан ошхона пичоғини олиб, йўловчи автомашинада уларнинг ортидан Самарқанд шаҳри Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган савдо дўконига қадар кузатиб боради.
Шундан сўнг уларнинг орқасидан дўконга кириб, у ерда ўзаро жанжаллашиб, қўлидаги пичоқ билан дастлаб Р.Э.нинг бўйин ва танасининг бошқа соҳаларига, сўнгра турмуш ўртоғи Ш.А.нинг ҳам бўйин ва танасининг бошқа соҳаларига бир неча мартадан уриб, уларни қасддан ўлдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан 20 ноябрь куни Самарқанд шаҳар прокуратураси А.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «а», «ж» бандлари билан жиноят иши қўзғатиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн беш йилдан йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади.
Аввалроқ Учқўрғонда бошқасига унаштирилган собиқ севгилисини 5 марта пичоқ санчиб ўлдирган йигит ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Норинда фуқаро жияни билан ишқий муносабатда бўлган йигитни бир мушт билан ўлдиргани ҳақида хабар берилган.