Сирдарёда фуқаро қарздорликни ундириш учун борган газ идораси ходимини пичоқлаб ўлдирди

«Сирдарётумангаз» масъулияти чекланган жамияти метрология бўлими бошлиғи Ш.Қ. 9 октябрь куни қарздорликни ундириш учун фуқаро К.Ф.нинг хонадонига борган ва улар ўртасида жанжал келиб чиққан. К.Ф. газ идораси ходимининг турли жойларига пичоқ билан уриб, оғир тан жароҳати етказган, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Фото: Telegram

Aниқланишича, 9 октябрь куни соат 18:00 да «Сирдарётумангаз» МЧЖ метрология бўлими бошлиғи Ш.Қ. Сирдарё тумани «Дўстлик» маҳалласида яшовчи фуқаро К.Ф.нинг яшаш хонадонига газ истеъмоли учун қарздорликни ундириш мақсадида келган.

Шу жараёнда улар ўртасида вужудга келган ўзаро жанжал оқибатида дастлаб газ идораси ходими Ш.Қ. пичоқ билан К.Ф.нинг чап кўкрак қафасига бир марта урган, кейин К.Ф. пичоқни олиб қўйиб, Ш.Қ.нинг турли жойларига бир неча маротаба уриб тан жароҳати етказган. Оқибатда Ш.Қ. воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё тумани Ички ишлар бошқармаси томонидан К.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми «д» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов ҳаракатлари Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Aввалроқ Юнусободда 4 кишини пичоқлаб кетган шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Бухорода фуқаро танишини ошхона пичоғи билан ўлдиргани хабар қилинган.

Янгиликлар