Москвада ўзбекистонлик эркак ажрашишга ариза бергани учун хотинини пичоқлаб ўлдирди (видео)

Россиянинг Москва шаҳрида 36 ёшли ўзбекистонлик эркак ажрашишга ариза бергани учун 29 ёшли хотинини пичоқлаб ўлдирди.

Маълум қилинишича, 10 сентябрь куни соат 05:30 атрофида 36 ёшли Илҳом Москва шаҳридаги «Кашира плаза» савдо маркази ёнида мазкур марказда фаррош бўлиб ишлайдиган хотинини 7 марта пичоқлаган. Ушбу ҳодиса камераларга ёзилиб қолган. Видеода жиноятчи марҳумни йўлакка йиқитгани ва пичоқ билан зарба бергани акс этган.

Қайд этилишича, аёл кўкрак ва юрак қисмидан олган жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган. Гувоҳлар мазкур воқеага нисбатан ҳеч қандай муносабат билдирмаган ва ўз иши билан машғул бўлган.

Шунингдек, эркак хотинининг ажрашишга ариза бермоқчи бўлгани учун ўлдирганини айтган. Ҳозирда Россия Тергов қўмитаси томонидан жиноят иши қўзғатилган. Қўмита яқин вақт ичида судга эркакни ҳибсга олиш тўғрисида илтимоснома юбориши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода фуқаро танишини ошхона пичоғи билан ўлдиргани ва Aсакада оилавий келишмовчилик сабаб хотинини пичоқлаб ўлдирган эр қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Избосканда отасини ҳақорат қилган шахсни пичоқлаган фуқаро қўлга олингани ҳамда Aндижонда аёлини рашк қилган эр нотаниш кишини ўткир тиғли жисм билан жароҳатлагани маълум қилинди.

Янгиликлар