Андижонда аёлини рашк қилган эр нотаниш кишини ўткир тиғли жисм билан жароҳатлади

Андижон вилоятида аёлини рашк қилган эр нотаниш кишини ўткир тиғли жисм билан жароҳатлади. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.

Қайд этилишича, 2 сентябрь куни соат 12:00 да 37 ёшли Б.Т. турмуш ўртоғи Н.Ў.ни рашк қилиб, Андижон шаҳар «Ёрбоши» маҳалласидаги бозорда 31 ёшли Х.Х. билан жанжаллашган. Жанжал вақтида ёғочга қотирилган ўткир тиғли жисм билан Х.Х.ни уриб, унга оғир тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Б.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Избосканда отасини ҳақорат қилган шахсни пичоқлаган фуқаро, Қўқонда савдо растасидан 1,5 миллион сўмлик телефон ўғирлаган шахс ва Олтиариқда диний экстремистик ташкилотга аъзо шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Марғилонда хонадондан 35 миллион сўмлик тилла тақинчоқ ва 150 минг сўм ўғирлаган аёл ҳамда Қувасойда фирибгарлик содир этиб терговдан яширинган аёл ушлангани ҳақида маълум қилинганди.

Янгиликлар