Марғилонда хонадондан 35 млн сўмлик тилла тақинчоқ ва 150 минг сўм ўғирлаган аёл ушланди

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 35 миллион сўмлик тилла буюмлар ва 150 минг сўм пулни ўғирлаган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда Фарғона ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Марғилон шаҳрида 5 сентябрь куни «Ипак йўли» МФЙ ҳудудида яшовчи А.А. ИИБга мурожаат қилган. У 4 сентябрь куни соат 13:00 ларда номаълум шахс уйига ғайриқонуний равишда кириб, ётоқхонасидаги шкафидан умумий нархи 35 миллион сўмлик аёллар тилла ақинчоқлари ва 150 минг сўм пулни яширин равишда ўғирлаб кетганини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «б», «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида жиноятни О.М. исмли аёл содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Улуғнорда хонадондан қарийб 13,5 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни ўғирлаганлар қўлга олингани, Қўқонда салкам 2,5 минг долларлик тилла тақинчоқларни ўғирлаган шахс ушлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар