Улуғнорда хонадондан қарийб 13,5 млн сўмлик тилла тақинчоқларни ўғирлаганлар қўлга олинди

Андижон вилояти Улуғнор туманида 47 ёшли аёлнинг хонадонидаги ётоқхонасидан 13,3 миллион сўмлик мол-мулкни ўғирлаган йигитлар ушланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Андижонда 2020 йилнинг 29 август куни соат 13:00 да 18 ёшли Д.Х. таниши 14 ёшли Ш.А. билан олдиндан жиноий тил бириктириб, Улуғнор тумани Шерозий кўчасида яшовчи 47 ёшли К.А. исмли аёлнинг яшаш хонадонига ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, уйнинг киришидаги йўлакча тагига қўйилган калит ёрдамида хонадон эшигини очиш йўли билан ноқонуний равишда кирган. Сўнг хонадон ётоқхонасида бўлган 13 300 000 сўмлик мол-мулкини ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Мазкур жиноят иши Улуғнор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «в, г» бандлари (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида Д.Х. ва Ш.А.дан 300 минг сўм нақд пул ва К.А.га тегишли бўлган тилла тақинчоқлар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Жиноят иши бўйича Д.Х. ва Ш.А. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қўқонда хонадондан салкам 2,5 минг долларлик тилла тақинчоқларни ўғирлаган шахс, Олтиариқда ўғирлик жиноятини содир этиб, яширинган шахс қўлга олингани хабар қилинган эди.