Қўқонда хонадондан салкам 2,5 минг долларлик тилла тақинчоқларни ўғирлаган шахс қўлга олинди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида хонадондан 2300 доллар қийматдаги тилла тақинчоқларни ўғирлаб кетган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, Қўқон шаҳри Рисқулибек кўчасида яшовчи Р.Қ. 31 август куни ИИБга мурожаат қилиб, унда 30 июнь кунидан 27 август кунига қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб ўғирлик содир этганини маълум қилган.

Маълум бўлишича, ушбу шахс Р.Қнинг ётоқхонасида бўлган 2300 доллар миқдоридаги 7 дона аёллар тилла узуги, 1 жуфт «Украинский» номли аёллар узук ва тилла балдоқларини яширин равишда ўғирлаб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «б, г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни К.Б. содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Булунғурда машина ичидан 700 минг сўм ўғирлаган шахс ушлангани, Қўқонда хонадондан 50 минг долларлик тақинчоқ ва бриллиант тошларни ўғирлаган шахс қамоққа олингани, Олтиариқда қиймати 2 миллион сўмга яқин темир бўлакларини ўғирлаган шахс қўлга олингани, Самарқандда пластик картадан яширин равишда 3 миллион сўмга яқин пулларни ечиб олган фирибгар қўлга олингани, Ургутда автомашинадан 1 миллион сўмдан ортиқ пул ўғирлаган шахс қўлга олингани ҳамда Самарқандда сейфни бузиб, 50 миллион сўмдан зиёд пулни ўғирлаб кетган шахс ушлангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар