Ургутда автомашинадан 1 млн сўмдан ортиқ пул ўғирлаган шахс қўлга олинди

Самарқанд вилояти Ургут туманида автомашинадан 1 миллион сўмдан ортиқ пул ўғирлаган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Ургут тумани «Сатанг» маҳалласида яшовчи 1991 йилда туғилган фуқаро К. 21 август куни Ургут туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига ариза билан мурожаат қилган. Aризага кўра, 20 август куни соат тахминан 03:30 дан 06:30 га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс Ургут шаҳри Почвон кўчасида жойлашган «Майиз бозор» биноси қарама-қарши томонида қаровсиз ҳолда қолдирилган автомашинанинг эшиги очиқ қолганлигидан фойдаланиб, олд томон йўловчи ўриндиғи остида бўлган жами 1 030 000 сўм пулни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

Ургут тумани ИИО ФМБ Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан олиб борган тезкор тадбирлар натижасида ушбу жиноятни Ургут тумани «Кичкина Торинжак» маҳалласида яшовчи 1983 йилда туғилган шахс Б. содир этганлиги аниқланган ҳамда ундан 500 000 сўм пуллар далилий ашё тариқасида ҳужжатлаштирилиб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жомбойда машина ичидан 10 миллион сўм ўғрилаган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Нуротада фуқаронинг уйидаги сандиқдан 28 миллион сўмдан ортиқ пул ўғрилаган шахслар қўлга олингани маълум қилинди.

Шунингдек, Нарпайда сейфни бузиб, 50 миллион сўмдан зиёд пулни ўғрилаб кетган шахс ушланганди.

Янгиликлар