Тошкентдаги кўчалардан бирига Пекин номи берилди
Масъул шахслар кўча номининг ўзгартирилиши бўйича маҳаллий аҳоли ўртасида тегишли тушунтириш ишларини олиб боради

Тошкентнинг Яккасарой туманидаги Буржар кўчаси Пекин кўчаси деб қайта номланди. Бу ҳақда Халқ депутатлари Кенгашининг қарорида келтирилган.
Яккасарой тумани ҳокимлигининг Буржар кўчасини Пекин кўчаси деб қайта номлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. «Ракатбоши» маҳалласи ҳудудида жойлашган Буржар кўчаси Пекин кўчаси деб қайта номлансин, — дейилади ҳужжатда.
Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосарлари ва Яккасарой тумани ҳокимлиги кўчанинг қайта номланиши бўйича маҳаллий аҳоли ўртасида тегишли тушунтириш ишларини олиб боради.
Масъул шахслар ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритади ҳамда зарур чора-тадбирларни кўради. Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси икки ой муддатда қайта номланаётган кўчада жойлашган кўчмас мулк объектларининг манзилларини аниқлаш, ўзгартириш ва меъёрга келтириш ишларини амалга оширади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бош бошқармасига уч ойлик муддатда қайта номланаётган кўчадаги кўрсаткичларни (лавҳаларни) ўрнатиш ва алмаштириш ишларини якунлаш топширилди.





