Тошкентда онлайн-қимор ўйинларига хизмат кўрсатиш тармоғи фош этилди
Мутахассислар пойтахтдаги бизнес-марказлардан бирида рейд ўтказди. Компьютерларни кўздан кечириш давомида 4 миллион доллар миқдоридаги пул маблағлари айланмасини амалга ошириш билан боғлиқ маълумотлар аниқланди

Тошкентда онлайн-казиноларга хизмат кўрсатиш тармоғи фош этилди, деб хабар беради ИИВ Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати.
Мутахассислар Яшнаобод туманидаги «Чулкун» маҳалласида жойлашган бизнес-марказлардан бирида тезкор тадбир ўтказди.
Компьютер технологиялари соҳасида консалтинг хизматлари кўрсатиш ниқоби остида онлайн қимор ўйинлари хизматини таклиф этиб келган «компания» фаолиятига чек қўйилди, — дейилади хабарда.
Жиноий гуруҳ аъзолари Ўзбекистон, Саудия Арабистони, БАА, Оман, Баҳрайн, Қатар, Кувайт ва бошқа мамлакатларнинг 60 мингга яқин фуқаросини бир нечта онлайн-платформаларга жалб қилиш ҳамда онлайн қимор ўйинларида иштирок этишлари учун шароит яратиш бўйича хизмат кўрсатгани аниқланди.
Гуруҳ аъзолари йирик корпорацияларга хос бўлган аниқ иерархия ва тузилма асосида ҳаракат қилган. Бино ичида бўлимлар ўзаро қатъий тақсимланган — операторлар, супервайзерлар, кассирлар, таҳлилчилар, ҳисобот бўйича мутахассислар ва менеджерлар юклатилган вазифаларни тўлиқ сир сақлаган ҳолда бажарган. Мижозларни жалб қилиш учун махсус дастурий таъминот, шифрланган алоқа ва рақамли изларни яшириш технологияларидан фойдаланилган, — дейилади хабарда.
Рейд давомида мутахассислар сервер қурилмалари, компьютер техникалари тўплами, ноутбуклар, мобил қурилмалар, банк карталари, SIM-карталар, пул маблағлари ва бошқа ашёвий далилларни мусодара қилди.
Компьютерларни кўздан кечириш давомида охирги олти ой ичида 4 миллион доллар миқдоридаги пул маблағлари айланмасини амалга ошириш билан боғлиқ маълумотлар аниқланди.
Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноий гуруҳнинг 11 нафар асосий аъзоси ушланди. Шунингдек, масофадан туриб хизмат кўрсатган шахслар ҳам аниқланди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.





