Тошкент вилоятида 3 ёшли боғча тарбияланувчиси ҳашоратларга қарши воситани ичиб вафот этди
Ҳодиса тарбияланувчи бувисининг ёнига, ошхонага кирган вақтда содир бўлган

Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида ҳашоратларга қарши воситани ичиб юборган боғча тарбияланувчиси вафот этди. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати хабар беради.
Ҳодиса 28 август куни 6-сонли мактабгача таълим ташкилотида содир бўлган. 2023-йилда туғилган тарбияланувчи ошхонада ҳашаротларга қарши ишлатиладиган БСМ воситасини ичиб қўйган.
Бола зудлик билан Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Афсуски, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган, — дейилади хабарда.
Мавжуд маълумотларга кўра, боланинг бувиси мазкур ташкилот ошхонасида аутсорсинг ташкилоти ходими — ошпаз сифатида ишлаган. Ҳодиса тарбияланувчи бувисининг ёнига, ошхонага кирган вақтда содир бўлганлиги айтилган.
Бироқ бу ҳолат юзасидан якуний хулоса фақат ваколатли органлар томонидан ўтказилаётган тергов ва суриштирув натижаларига кўра берилади.
Тегишли ташкилотлар томонидан боланинг ошхонага қандай киргани, хавфли восита унинг қўли етадиган жойда нима сабабдан тургани ва уни сақлаш учун ким масъул бўлгани ҳар томонлама ўрганилмоқда.





