Депутатлар болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни биринчи ўқишда қабул қилишди

Ҳужжат нормалари болаларга нисбатан зўравонлик ва жинсий тажовузлар учун жазо чораларини кучайтиришга, зўравонликдан жабр кўрган вояга етмаганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлашга, бундай ҳолатларнинг олдини олишга ҳамда тегишли ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширишга қаратилган

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқулладилар. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар беради.

Ушбу ҳужжат билан Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган.
Унда болаларга нисбатан содир этиладиган зўравонлик ва жинсий тажовузлар учун жазо чораларини кучайтириш, жабрланган болаларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда масъул ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган нормалар акс этмоқда.

Энг аввало, болаларга нисбатан содир этилган ўта оғир жинсий жиноятлар учун жазо кескин кучайтирилмоқда. Хусусан, ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш кўзда тутилмоқда, — дейилади хабарда.

Қонун лойиҳасида боланинг жинсий эркинлигига қарши жиноятларни содир этган шахслар жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги сабабли жавобгарликдан ва жазони ижро этиш муддати ўтганлиги боис жазодан озод қилинмаслиги белгиланмоқда. Бу орқали бола ҳаётига тажовуз қилган оғир қилмишлар учун жазо муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий кафолатлар кучайтирилади.

Қонун лойиҳаси болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда масъулиятсизликка ҳам чек қўйишга қаратилган. Жумладан, болага ғамхўрлик кўрсатмаслик, Болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини ижро этмаганлик ёки уларнинг ижросига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни белгилаш таклиф этилмоқда.

Вояга етмаганга нисбатан қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш, бир гуруҳ шахслар томонидан ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этилишини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолаш, шунингдек, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганлик учун жазо чораларини кучайтириш назарда тутилмоқда.

Ҳужжатда болаларнинг хавфсизлиги учун ота-она ва таълим муассасалари ходимларининг масъулияти ҳам алоҳида белгиланмоқда. Болаларни тарбиялаш мажбуриятини бажармаслик, шаҳвоний шилқимлик қилиш ва никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиш каби ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазо чораларини кучайтириш, таълим-тарбия жараёнида педагог томонидан болага нисбатан зўравонлик содир этилган тақдирда эса меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилиш учун ҳуқуқий асос яратиш таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгилаш ҳам назарда тутилган.

Ўзбекистон