Ўзбекистонда пенсия таъминоти соҳасидаги хизматлар интерактив ва проактив шаклга ўтказилади

2027 йил 1 январдан бошлаб пенсия жамғармаси фуқаролардан ҳужжатлар ва маълумотларни қоғоз шаклида қабул қилиш амалиётидан воз кечади

Ўзбекистонда пенсия таъминоти соҳасидаги хизматлар интерактив ва проактив шаклга ўтказилади, деб хабар беради Адлия вазирлиги президент қарорига таяниб.

«Давлат пенсия таъминотига оид замонавий хизматларни жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, пенсия таъминотига оид фуқароларга кўрсатиладиган хизматлар 2027 йил 1 январга қадар тўлиқ интерактив ва проактив шаклга ўтказилади.

Пенсия таъминотига оид қуйидаги хизматлар фуқаролардан алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда проактив шаклда кўрсатилади:

• 2026 йил 1 ноябрдан ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишсиз деб эътироф этилган шахсларга умумий белгиланган ёшдан икки йил аввал ёшга доир пенсия тайинлаш;

• 2027 йил 1 январдан боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлаш;

• 2027 йил 1 январдан «Менинг пенсиям» онлайн хизмати доирасида пенсия ёшига бир йил қолган фуқароларни олдиндан хабардор қилиш имконияти яратилади.

Ўзбекистон