Тошкент метрополитенида йўловчи ташиш бўйича навбатдаги рекорд янгиланди
Дўшанба куни метрополитен хизматидан 1,2 миллиондан ортиқ йўловчи фойдаланди

Тошкент метрополитенида йўловчи ташиш бўйича навбатдаги рекорд қайд этилди, деб хабар беради пойтахт метрополитени матбуот хизмати.
Янги рекорд кўрсаткич 28 сентябрь куни қайд этилди. Ушбу кунда метро хизматидан 1 200 124 нафар йўловчи фойдаланган.
Мазкур муҳим воқеа муносабати билан метрополитен масъул ходимлари иштирокида 1200000-йўловчини аниқлаш бўйича махсус тадбир ташкил этилди. Тадбир давомида ушбу тарихий кўрсаткични қайд этган омадли 1 200 000-йўловчи аниқланди, — дейилади хабарда.
Натижада, унга метрополитен жамоаси номидан эсдалик совғаси, шунингдек, бир йил давомида жамоат транспортидан бепул фойдаланиш имконини берувчи махсус транспорт тўлов картаси тантанали равишда топширилган.





