Шавкат Мирзиёев мактабларда янги авлод дарсликларини жорий этиш масалаларига оид тақдимот билан танишди

Янги ўқув материалларини яратишда илғор халқаро тажрибага таянилди. Ўқувчи ҳар бир синф охирида қандай билим ва кўникмаларга эга бўлиши кераклиги аниқ белгилаб берилди

Президент Шавкат Мирзиёев мактаб таълимида янги авлод дарсликларини жорий этиш, олийгоҳлар ва корхоналар ҳамкорлигида дуал таълимни ташкил қилиш, шунингдек, Ляонин педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан тақдимотлар билан танишди.

Таъкидланишича, Янги Ўзбекистон мактаб битирувчиси портретида билим билан бир қаторда замонавий кўникмалар, ахборот технологияларини пухта эгаллаш, ижодий ва мустақил фикрлаш, қарор қабул қилиш қобилияти муҳим ўрин тутади. Дарсликлар ва таълим мазмунини янгилаш ишлари ана шу мақсадга қаратилган.

Янги ўқув адабиётларини тайёрлашда халқаро тажрибага мурожаат қилинди. Бошланғич синф дарсликлари Финляндия таълим альянси сертификациясидан ўтган, 5-7-синфларнинг математика, физика, кимё ва биология дарсликлари Сингапур дарсликлари асосида ишлаб чиқилди.

Янги ёндашувда ўқувчининг ҳар бир синф якунида нимани билиши ва бажара олиши аниқ белгиланади. Таълим стандарти, ўқув дастури, дарслик ва баҳолаш ўзаро боғлиқ ҳолда шакллантирилиб, мавзуларнинг ёшга мослиги, изчиллиги ҳамда билимни амалиётда қўллаш имкониятига эътибор қаратилади. 2027 йилга қадар жами 1 минг 342 номдаги дарслик ва ўқув-методик материални тайёрлаш режалаштирилган.

Дарсликларда танқидий фикрлаш, мулоқот, ҳамкорлик ва ижодкорлик кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қиладиган топшириқлар ўрин олмоқда. Бола тайёр жавобни эслаб қолиш билан чекланмай, савол бериши, маълумотни таҳлил қилиши, ўз фикрини асослаши ва биргаликда ечим топиши кўзда тутилган.

Ўқув материалларида касбга йўналтириш ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Айни йўналишда 255 та дарс ишлаб чиқилган бўлиб, улар болаларга ўз қизиқишларини англаш ва келгусида касбни онгли танлашга ёрдам беришга қаратилган. Дарсликлардаги қаҳрамонлар орқали дўстлик, масъулият, жасорат ва ҳурмат каби қадриятлар ҳам болаларга яқин мисолларда очиб берилади.

Экологик саводхонликка оид 300 дан ортиқ мавзу сувни тежаш, табиатни асраш ва табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади. Молиявий саводхонлик бўйича пулни ҳисоблаш, тежаш, жамғариш ҳамда харидни режалаштириш, рақамли саводхонлик бўйича эса интернетдан фойдали ва хавфсиз фойдаланиш масалалари қамраб олинган.

Тақдимот давомида Хитойнинг Ляонин педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди. Мазкур ташаббус хитой тилини биладиган кадрлар тайёрлаш, олийгоҳлар, техникумлар ва мактабларда уни ўқитишни кенгайтиришга қаратилган. Ляонин университети Хитойнинг педагогика йўналишидаги етакчи олийгоҳларидан бири бўлиб, айниқса, психология, хитой тили филологияси ва таълим фанлари бўйича катта тажрибага эга.

Хива шаҳрида жойлашган филиалда халқаро хитой тили таълими, халқаро бизнес, туризм бошқаруви ва сунъий интеллект йўналишлари очилади. Таълим ўзбек, хитой ва инглиз тилларида олиб борилади, битирувчиларга Ўзбекистон ва Хитойда тан олинадиган диплом берилади. Жараён 2026/2027 ўқув йилида бошланиши кўзда тутилмоқда.

Филиалнинг маҳаллий олийгоҳлар билан академик ҳамкорлиги, талабалар ва педагоглар алмашинуви ҳамда қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди. Хитой тажрибаси асосида техникумлар дастурларини такомиллаштириш, информатика ўқитувчилари учун сунъий интеллект бўйича малака ошириш курсларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Давлат раҳбари дуал таълимни ҳудудлардаги корхоналарнинг кадрларга бўлган аниқ эҳтиёжи билан боғлаш, Ляонин университети филиалида эса таълим сифати ва қабул жараёнларини пухта ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Ўзбекистон