Саида Мирзиёева Абу-Дабида Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича конгрессда иштирок этди

Конгрессда, трансмиллий жиноятчилик, терроризм, наркотрафик, коррупция ва экологик ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, шунингдек, болалар ҳимояси ҳамда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш чоралари муҳокама қилинди

Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева БМТ Бош Ассамблеясидан сўнг Абу-Дабида — Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича 15-конгрессда иштирок этди.

Ушбу нуфузли анжуманда дунёнинг турли мамлакатларидан 5 мингга яқин вакил иштирок этмоқда.

​Конгрессда, трансмиллий жиноятчилик, терроризм, наркотрафик, коррупция ва экологик ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, шунингдек, болалар ҳимояси ҳамда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш чоралари муҳокама қилинди.

Конгресс доирасида Саида Мирзиёева БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Моника Жума билан учрашди.

Биз БМТнинг ушбу тузилмаси билан фаол ҳамкорлик қилиб, қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. ​Мазкур конгресс Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этди. Барча иштирокчи давлатлар навбатдаги конгрессни мамлакатимизда ўтказиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлади ва бу якуний декларацияда ўз тасдиғини топди. Буни Ўзбекистонга нисбатан халқаро миқёсдаги юксак ишонч рамзи деб биламан. Бу — бизнинг очиқлигимизга, мулоқотга доим тайёрлигимизга ҳамда умумий мақсадлар йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштира олишимизга билдирилган ишончдир, — дейилади хабарда.

Саида Мирзиёева, ​олдинда 5 йиллик тайёргарлик даври турганини таъкидлади. Жумладан, 2031-йилда мамлакат бутун дунёдан келадиган делегатларга мезбонлик қилиши билдирилди.

Ўзбекистон