Қашқадарёда пахта майдонига сепилган восита сабаб 20 дан ортиқ ўқувчи шифохонага ётқизилди

Баъзи ўқувчилар даволанишни давом эттирмоқда, юз берган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Яқинда ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Ғузор туманида ўсмирларнинг оммавий заҳарлангани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан ИИВ матбуот хизмати муносабат билдирди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 23 сентябрь куни соат 11:45 ларда Ғузор туманидаги 51-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 21 нафар ўқувчиси кўнгил айниши ва бош оғриғи каби аломатлар билан Ғузор туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган.

Ўрганишлар натижасида аниқланишича, мактаб биноси жойлашган «Янгиобод» маҳалласига туташ ҳудудда «Шохмалик Шермурод ўғли» фермер хўжалигига тегишли жами 88 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, шундан 20 гектари мактаб атрофида жойлашган. Мазкур ер майдонларига пахта экилган.

Хусусан, шу куни соат тахминан 09:00 ларда фермер хўжалиги томонидан пахтанинг эрта етилишини таъминлаш мақсадида «Агро Аугрон» номли дори воситаси сепилган. Бунинг оқибатида мактабда бўлган 10–11-синфларнинг 22 нафар ўқувчиси ҳаво орқали заҳарланганлик аломатлари билан тиббиёт муассасасига ётқизилган, уларга бирламчи «Ошқозон диспепсия синдроми» ташхиси қўйилган.

Ҳозирда 7 нафар ўқувчи Ғузор туман тиббиёт бирлашмасида стационар даволанмоқда. Қолган 15 нафар ўқувчининг соғлиғи яхшиланганлиги муносабати билан улар яшаш манзилига жавоб берилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 201-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тегишли экспертизалар тайинланган.

Ўзбекистон