Ҳашаротларга қарши воситани ичиб вафот этган богча боласи ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди
Бош прокуратура бир киши гумонланувчи тариқасида жалб этилганини маълум қилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

Аввалроқ Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида, ҳашаротларга қарши воситани ичиб қўйган боғча боласи вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Ҳодиса 28 август куни 6-сонли мактабгача таълим ташкилотида содир бўлган. 2023-йилда туғилган тарбияланувчи ошхонада ҳашаротларга қарши ишлатиладиган БСМ воситасини ичиб қўйган.
Бола зудлик билан Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Аммо, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Бош прокуратуранинг хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши доирасида 1 нафар шахс гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.





