Ўзбекистонда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш таклиф қилинди

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева тайёрланган таклифлар кўриб чиқиш учун топширилганини маълум қилди

Ўзбекистонда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун умрбод қамоқ жазосини жорий этиш таклиф қилинди, деб хабар беради Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъул идоралар билан биргаликда бир неча ой давомида қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар устида иш олиб борди. Тайёрланган таклифлар кўриб чиқиш учун аллақачон тақдим этилди, — деди Мирзиёева.

Шунингдек, ота-оналарнинг болаларга ғамхўрлик қилмагани учун, педагогларнинг эса зўравонлик ва камситиш ҳолатларига йўл қўйгани учун жавобгарлигини кучайтиришни, жабрланган болаларга тергов ва суд жараёнининг ҳар бир босқичида ҳуқуқий ёрдам ва ҳимоя таъминланиши таклиф этилмоқда.

Аввалроқ Наманган вилояти Учқўрғон туманида давлат боғчаси омборхона мудири беш ёшли тарбияланувчини зўрлаганликда гумонланиб ушланган эди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи қамоққа олинган.

Ўзбекистон