Булунғурда машина ичидан 700 минг сўм ўғирлаган шахс ушланди

Самарқанд вилояти Булунғур туманида «Damas» русумли автомобиль ичидан 700 минг сўм ўғирлаган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Булунғур туманида яшовчи Р. 2 сентябрь куни туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 1 сентябрь куни соат 17:00 ларда номаълум шахс Булунғур тумани «Минг тепа» МФЙ ҳудудида ўзига тегишли «Damas» русумли автомашинасини калит танлаш йўли билан очиб, автомашина салонида бўлган 700 минг сўм пулни ўғирлаганини маълум қилган.

Булунғур туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида мазкур ўғрилик жиноятини Булунғур тумани «Минг тепа» МФЙда яшовчи, 1986 йилда туғилган Б.А. содир қилганлиги аниқланган. Ундан 600 минг сўм пул далилий ашё тариқасида ҳужжатлаштирилиб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Булунғур тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, ушбу модда бўйича айбланувчи базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Самарқандда сейфни бузиб, 50 миллион сўмдан зиёд пулни ўғирлаб кетган шахс ушлангани, фуқаронинг уйидаги темир сандиқдан 28 миллион сўмдан ортиқ пулни ўғирлаган шахслар қўлга олингани хабар берилганди.

Янгиликлар